Афғонистон миллий мусиқа институтига алоқадор юзлаб афғонлар Кобулни тарк этди. Институт директори Аҳмад Сармастнинг маълум қилишича, Португалия ҳукумати уларга бошпана беришга рози бўлган.
Мамлакатни тарк этган 101 кишидан иборат гуруҳнинг ярмини талабалар, асосан, Zohra аёллар оркестрининг аъзолари ташкил қилган, шунингдек, битирувчилар, ўқитувчилар ва баъзи мусиқачиларнинг қариндошлари ҳам жўнаб кетган. Бу бутун институт жамоасининг учдан бир қисмига тенг. Улар 3 октябрь куни Қатарга учиб кетган. Самолёт бортида яна 134 нафар афғонистонлик бўлган. Associated Press ушбу рейсни август ойидаги асосий эвакуация босқичи тугаганидан буён Кобулдан амалга оширилган энг йирик парвоз деб атади.
Мусиқа институтининг асосчиси ва раҳбари Аҳмад Сармаст ҳозирча Австралиянинг Мельбурн шаҳрида, лекин у Португалияда ўз талабалари учун ўқишни қайта тиклашни режалаштирмоқда. AP’нинг таъкидлашича, Афғонистонни ўн минглаб фуқаролар, жумладан, спортчилар ва санъаткорлар тарк этган. Яқинда Afghan Dreamers’нинг бир гуруҳ аёл робототехниклари Мексикага, афғонистонлик аёллар футбол жамоаси эса Португалияга кўчиб кетди.
«Толибон» Афғонистонда қайта ҳокимиятга келганидан сўнг мусиқани тақиқлаган эди. AP’нинг таъкидлашича, ҳозирча улар тўғридан-тўғри тақиқ қўймаган, лекин жойларда ҳаракат вакиллари ўз қоидаларини жорий қилиб, концерт ўтказиладиган жойлар ва якка мусиқачиларни таъқиб қилишни бошлаган.
Афғонистон миллий мусиқа институти 2010 йилда ташкил этилган. Унинг талабалари АҚШ ва Европада концерт берган, деб эслатади AP. Ҳозир институт биноси бўм-бўш, уни «Ҳаққоний тармоғи» (толибларнинг иттифоқчиси) жангарилари қўриқламоқда. Мамлакатда ҳукумат алмашган пайтда институтда 350 талаба таҳсил олаётган эди.
Аввалроқ «Толибон» жангарилари қўшиқчи ва халқ куйлари ижрочиси Фавад Андарабийни қатл этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)