Тана ҳарорати юқори бўлган ва коронавирусга чалинган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари 2021 йил 23 август куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилди.
Унда қуйидаги тоифадаги абитуриентлар иштирок этишлари мумкин бўлади:
- тест синовига келган вақтда тана ҳарорати 37º C дан юқори экани аниқланган ва тегишли далолатнома расмийлаштирилган абитуриентлар;
- 16 августга қадар коронавирусга чалингани сабабли қўшимча тест синовларида иштирок этиш учун ариза билан мурожаат қилган ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан коронавирусга чалингани тасдиқланган абитуриентлар.
Тест синовлари барча ҳудудларда ташкил этилади ва абитуриентлар рўйхатдан ўтиш вақтида тест топшириш ҳудуди сифатида ўзлари танлаган ҳудудда тест синовида иштирок этади.
Абитуриентлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан тегишли маълумотлар Давлат тест марказига тақдим этилгандан сўнг 21 август кунидан бошлаб my.dtm.uz сайти орқали юклаб олишлари мумкин бўлади.
Изоҳ (0)