Тошкент шаҳар ИИББ ўзининг собиқ ходимларидан бири Чилонзор туманида йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 17 июль куни тахминан соат 22:00 да Чилонзор тумани Чўпон ота кўчасида 1976 йилда туғилган Ж. Ж. исмли фуқаро Cobalt автомобилини бошқариш давомида бошқарувни йўқотиб, йўл бўйида жойлашган кафега урилган. ЙТҲ сабаблари аниқланмоқда.
Ҳодиса оқибатида кафеда бўлган 32 ёшли Бекзод М. ва ҳайдовчи тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бекзод М. жабрланувчи дея тан олинган, ҳайдовчи эса гумонланувчи сифатида жалб этилган.
«Kun.uz» нашрининг ёзишича, Cobalt ҳайдовчиси — Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ходими подполковник Ж.Ж. бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг 2021 йил 17 июль санаси билан расмийлаштирилган буйруғига асосан Ж.Ж. хизматдан бўшатилиб, пенсияга чиқарилган.
«Маълумки, қайсидир тизим ходими тизим обрўйига доғ туширадиган ҳаракат содир этадиган бўлса, ходимни дарҳол ёхуд эски сана билан тизимдан четлаштириш одати бор. Бу билан гўёки тизим обрўйига путур етишининг ‘олди олинади’. Бу ерда ҳам шундай йўл тутилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Ҳар ҳолда, ходимнинг жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлувчи ЙТҲ содир этиши ва унинг ишдан бўшаши бир кунга тўғри келиб қолгани шунга ишора бермоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентда ЙҲХБ автомобили Lacetti билан тўқнашгани, Тошкентда бошқарувни йўқотган ЙПХ ходими хизмат Lacetti’сини дарахтга бориб ургани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)