Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат ёмонлашганини қайд этиб ўтди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».
Ўзбекистонда 27 июль куни 843 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди — бу пандемия бошидан бери мамлакатда қайд этилган энг юқори касалланиш кўрсаткичидир. Шунингдек, касаллик асоратлари оқибатида 8 киши вафот этган (бу ҳам пандемия бошидан бери қайд этилган энг юқори ўлим кўрсаткичи). Шу куни 556 кишида пневмония аниқланган; ССВ маълумотларига кўра, 5 июлдан бери Ўзбекистонда пневмония оқибатида 60 киши вафот этган.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ҳаёти учун курашишда ва бунинг учун зарур воситаларни йўналтиришда давом этади. Шавкат Мирзиёев фуқаролар ўз ҳаётлари ва саломатликлари учун масъул эканликларини яна бир бор эслатиб ўтган.
Президент аҳолини яна бир бор коронавирусга қарши эмланишга чақириб, Ўзбекистон 29 июль куни 3 миллион доза Moderna вакцинасини қабул қилиб олишини билдирди. Ушбу дори воситалари, аввал хабар берилганидек, Америка Қўшма Штатлари томонидан COVAX дастури орқали беғараз тақдим этилмоқда.
«Вакцина олганлар шифохонадан тўрт кунда чиқяпти, эмланмаганларга эса жуда оғир бўляпти. Ҳа, вакцина олгандан кейин касалланиш мумкин, лекин касаллик енгил формада кечяпти», — дея қайд этиб ўтди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)