Тошкент шаҳри Яшнобод туманида фуқаронинг хориждаги ўқишини Тошкент тиббиёт академиясига кўчириб бериш эвазига ундан пул олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Яшнобод тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Т.И. исмли шахс фуқаро Ш.нинг ишончига кириб, унга Ўш давлат университетининг 1-курсини тамомлагани тўғрисида ҳужжатларни расмийлаштириб беришни, кейинчалик эса юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ўқишини Тошкент тиббиёт академиясига кўчиртиришини ваъда қилган.
Бунинг эвазига у фуқаро Ш.дан 6 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда 18 минг доллар эвазига икки фуқарони хориж университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушлангани, Навоий давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқародан 2 минг доллар олган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)