Сурхондарёда хизмат вазифасини бажариш жараёнида пора олмаган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори тақдирланди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 июнь куни Жарқўрғон туманида кундалик хизмат вазифасини бажариш жараёнида «Газ-53» автомобилининг ҳайдовчиси қоидабузарлик юзасидан чора кўрилмаслиги эвазига Ў.Бердиевга 1 миллион сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.
Ходим томонидан билдирги орқали вилоят ИИБ бошлиғи номига маълум қилиниб, пора беришга уринган ҳайдовчи қўлга олинган.
«Ходимнинг хизмат фаолиятидаги садоқати ва масъулиятлилиги инобатга олиниб, ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ва вилоят ИИБ раҳбариятининг миннатдорчилиги билдирилиб ва қимматбаҳо совға топширилди», — дейилади хабарда.
Бундан аввал Бухорода 500 доллар пора олмаган ИИБ ходими 10 миллион сўм билан мукофотлангани, Самарқандда 2 минг доллар пора олмаган ИИБ ходимига 15 миллион сўм мукофот пули берилгани, Тошкент вилоятида 1000 доллар порани олмаган кадастр ходимига 10 миллион сўм пул ва сиҳатгоҳга 2 кишилик йўлланма берилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)