Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари бугунги хавф-хатарлар илғор халқаро тажриба асосида самарали соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатганини алоҳида таъкидлади. Пандемияга қарши курашишда кўрсатилган кўмак, шу жумладан, аҳолини эмлашда амалга оширилаётган самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилди.
Устувор йўналишларда, шу жумладан, онкология, гематология, вирусология, нефрология, трансплантология, фармакология ва бошқа соҳалардаги қўшма дастур ҳамда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини жорий қилиш ва телемедицинани кенг ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасидаги яқин шерикликни давом эттириш, жумладан, Тошкент шаҳрида Россиянинг етакчи Н.И.Пирогов номидаги тиббиёт университети филиалининг фаолиятини тез фурсатда ташкил этиш, шунингдек, Россиянинг етакчи клиникалари негизида врачлар алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Ўзбекистонда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, Россия ўзбекистонлик шериклар билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли тизимли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда тиббиётнинг турли соҳаларида замонавий билимлар ва илғор тажриба билан бўлишишга тайёр эканини таъкидлади.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказгани, Ўзбекистон–Тожикистон демаркация қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтгани ҳамда Шавкат Мирзиёев «Россия темир йўллари» бош директорини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)