Таниқли мусиқачилар Эд Ширан, Холзи, Бенни Бланко ва Халид плагиатда айбланмоқда, деб хабар беради Esquire.
Гап Холси, Халид ва Бланконинг Eastside номли хити ҳақида кетмоқда. Ширан ушбу қўшиқ муаллифи сифатида тилга олинган. Трек 2018 йилда чиққан ва тез орада оммалашиб, Billboard Hot 100’нинг дастлабки ўнталик поғонасидан ўрин олган.
Орадан уч йил ўтгач, Ширан, Холзи, Бенни Бланко ва Халид муаллифлик ҳуқуқини бузишда айбланмоқда, Loveless қўшиғининг яратувчилари уларни судга берган.
У қадар машҳур бўлмаган American ХО гуруҳининг Loveless қўшиғи 2015 йилда чиққан, қўшиқни бастакорлар Костантин Лоис ҳамда Шейн Уильямс ёзган. Даъвогарларнинг сўзларига кўра, Loveless ва Eastside’нинг гитара аккордлари, интерваллари, темп ва битлари ўхшаш. Қуйидаги видеолар орқали уларни таққослаб кўриш мумкин:
Eastside
Loveless
Шунингдек, композиторлар Бланко илҳомланиш учун кунига 10-12 та янги мусиқа тинглаши борасидаги интервьюсини ҳам келтириб ўтган. Даъвогарларнинг ҳисоблашича, рэпер уларнинг қўшиғини тинглаб, ундан фойдаланган. Уларнинг фикрича, треклар ўртасидаги ўхшашлик кундек равшан.
Эд Шираннинг бу каби айбловларга дуч келиши биринчи бор эмас. 2018 йилда у Марвин Гей ижросидаги Let’s Get In On қўшиғининг айрим элементлари плагиатида айбланган эди.
Изоҳ (0)