Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаев ҳаракатланган хизмат автомобилига сигнал чалган ҳайдовчининг автомобили жарима майдонига жойлаштирилгани тасвирланган видео тарқалганди. Ушбу видео юзасидан вилоят ИИБ хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилинганди.
Хизмат текшируви якунига кўра, фуқаролар билан мулоқот жараёнида хушмуомала, камтар ва босиқ бўлмасдан, носамимийлик билдириб, ички ишлар вазирининг «Муомала маданияти» ва «Одоб-ахлоқ қоидалари» тўғрисидаги буйруғи ҳамда Интизом устави талабларини бузгани учун Пахтачи тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори катта лейтенант Мақсуд Тоғаевга ҳайфсан, йўл-патруль хизмати инспектори сафдор Ф.Ҳаитовга танбеҳ интизомий жазоси берилди.
Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи майор С.Ортиқовнинг хатти-ҳаракатлари вилоят Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган катта офицерлар таркибидаги интизомий кенгашда кўриб чиқилиши белгиланди.
Бундан аввал Тошкент вилоятида ўзини «Ойша хола» дея таништирган ЙПХ ходимига хизмат текшируви тайинлангани, Тошкентда ЙПХ инспектори ҳайдовчига ўрта бармоғини кўрсатгани, пойтахтда қуввати тугаганини айтиб, ишламаётган бодикамера билан текширув ўтказган ЙПХ ходимига чора кўрилгани ҳамда Самарқандда ЙПХ инспекторлари фуқарони куч ишлатиб, хизмат машинасида олиб кетгани акс этган видео бўйича расмий изоҳ берилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)