Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат чегаралари яқинида Россиянинг 75 мингга яқин қўшини борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Москва томонидан таҳдид ҳали барҳам топмаган, деб ёзади «РБК».
«Бизнинг разведкамиз ўн минглаб рус аскарлари ва техникалари ҳалигача Украина билан чегара ҳудудида тургани ҳақида хабар беради. Маълумотларга кўра, Қримдан тахминан 3500 киши олиб чиқилган. Бошқа ўзгаришларни кўрмадик, шунинг учун таҳдид сақланиб қолмоқда», — деди Зеленский.
«Шуни мамнуният билан тан олишимиз керакки, Донецк ва Луганск вилоятларининг назоратсиз ҳудудларидан уюштириладиган снайперлар ҳужуми камайди. Бу жуда яхши, чунки шу йил айнан снайперлар ўқидан жуда кўп мерганлар ҳалок бўлди», — дея қўшимча қилди Украина президенти.
Зеленский бу ҳақда Киевга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан қўшма матбуот анжуманида берган баёнотида айтиб ўтди.
Блинкен, ўз навбатида, Россия «маълум миқдордаги қўшинларини олиб чиқиб кетгани, аммо асосий кучлар Украина билан чегарада қолаётганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ вазиятни диққат билан кузатмоқда.
Зеленский АҚШга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Украина мустақиллигининг 30 йиллиги икки томонлама муносабатлар учун асос бўлишидан умидворлигини айтди.
Аввалроқ Россия Украина чегараларидан қўшинларини қисман — фақат Қримдан олиб чиқишни бошлагани, аммо шарқий чегаралар яқинида, масалан, Воронеж вилоятида ҳарбийлар ҳали чекинмагани ҳақида хабар берилганди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 22 апрель куни жанубий чегаралардаги машғулотлардан сўнг Россия қўшинларини доимий жойларига қайтариш тўғрисида буйруқ берган эди.
22 апрель куни Қримдаги Опук полигонида Шойгу бошчилигида Жанубий ҳарбий округ кучлари ва ҳаво-десант кучлари машғулотларининг асосий босқичи бўлиб ўтган эди. Машғулотларда 10 мингдан ортиқ аскар, 1200 та қурол ва ҳарбий техника, шунингдек, 40 дан ортиқ ҳарбий кема иштирок этган.
Wall Street Journal (WSJ) газетаси Россиянинг Қрим ва Воронеж вилоятидаги ҳарбий техникаларининг сунъий йўлдошдан олинган суратларини чоп этди.
Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Ангела Меркель ва Украина президенти Владимир Зеленский Донбассдаги можаронинг авж олишига йўл қўймаслик учун Россия ўз қўшинларини Украина билан чегарадан олиб кетиши кераклигини айтганди.
Шунингдек, Байден ва Ангела Меркель Россияни Украина билан чегарадаги қўшинларини олиб кетишга чақирган эди. Унгача Россия Украина чегарасига ва Қримга 40 минг нафардан аскар жўнатгани ҳақида хабар берилган. Украина президенти Владимир Зеленский Россияни «жиловлаш»да Байдендан ёрдам сўраган. Кремль эса Россия ва Украина ўртасидаги уруш эҳтимолини истисно қилган.
Изоҳ (0)