Тошкентдаги 107 та мактабда таълим онлайн шаклга ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи Баҳром Бакиев хабар берди.
Қайд этилишича, Халқ таълими бош бошқармаси тизимига Тошкентдаги 312 та умумтаълим мактаблари киритилган. Шулардан 107 тасида таълим онлайн шаклга ўтказилди.
Шунингдек, ҳозирги кунда Тошкент мактабларида 234 967 нафар ўқувчи анъанавий тарзда, 214 077 нафар ўқувчи масофадан туриб таълим олмоқда. Бу йил 68,3 мингга яқин ўқувчи мактабни битиради.
Карантинда бўлиб турган битирувчилар 14 кунлик карантиндан кейин тўртинчи чоракда давлат имтиҳонларини топширишади.
Карантинда бўлган мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар ташкил этилмоқда, шунингдек, баҳолар электрон журналга жойлаштирилиб борилмоқда.
Бундан аввал Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва боғчалар 27 апрелдан бошлаб онлайн тизимга ўтгани, Фарғона вилоятидаги 4 та мактаб коронавирусга чалиниш ҳолати аниқлангани сабаб онлайн ўқишга ўтгани ҳамда Ўзбекистонда нечта боғча тарбиячиси ва тарбияланувчиси коронавирус юқтириб олгани ҳақида маълумот берилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)