Қашқадарёдаги қамоқхонада 30 ёшли маҳкум ўзини осиб қўйди. Унинг қариндошлари маҳкум ўз жонига қасд қилганига шубҳаланмоқда. Сенат ишни назоратга олди.
Воқеа ҳақида «Kun.uz»да маълум қилинган. Унда Қашқадарёда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан бири ўзи туғилиб ўсган Наманган вилоятидаги манзилли колонияга ўтказилиши арафасида 2021 йилнинг 28 март куни Қашқадарё вилоят ИИБ Жазони ижро этиш бўлими 2-сон колонияси ишлаб чиқариш корхонасининг омборхонаси тўсинига телефон кабели билан ўзини осиб, жонига қасд қилиб вафот этгани маълум қилинган.
Марҳумнинг яқинлари унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги расмий изоҳларга шубҳа билан қарамоқда. Маҳкумнинг онаси ўғли шу йилнинг 26 март куни жазо муддатини ўтаётган Қарши шаҳри Шайхалиқўрғони қамоқхонасида вафот этганини айтмоқда.
Муассаса маъмурияти ўлим сабабини «ўз жонига қасд қилиш» деб кўрсатган. Аммо марҳумнинг қариндошлари ва унинг онаси томонидан жасадни кўздан кечиргандан сўнг у ўзини-ўзи осганлигига шубҳа билан қараб, қайтадан экспертиза қилдирмоқчи бўлганида, жасад олдин экспертизадан ўтганлиги ва улар қайта экспертиза қилмаслигини айтиб рад жавобини берган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан берилган маълумотларда Қашқадарё вилояти махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.
Ушбу ҳолат сенаторлар эътиборидан четда қолмади. Шу сабабли Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ИИВдан мазкур ҳолатни назоратга олиш ва пухта ўрганиб чиқиш ҳамда натижаси юзасидан расмий баёнот беришни сўради.
Изоҳ (0)