Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида танишини 600 долларга ишга киритиб қўймоқчи бўлган ҳамшира қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Тергов департаменти.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 21 апрель куни Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишловчи 33 ёшли У.М. ўзининг хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, таниши 38 ёшли С.Ш.ни тез тиббий ёрдамга ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, иш жойида С.Ш.дан 600 АҚШ доллари пул маблағларини олаётган вақтида ЖҚБ ва ДХХ ходимлари томонидан ушланган.
Тадбир давомида У.М.дан кимёвий ишлов берилган 600 доллар пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан У.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик, яъни хизмат мавқейидан фойдаланиб, ўзганинг мулкини қўлга киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Бундан аввал Бухорода севган қизини «иссиқ-совуқ» қилиб қайтариб беришини айтиб, 31 ёшли йигитнинг 3 минг долларини «ухлатган» аёлга жиноят иши қўзғатилгани, Андижонда фуқарони алдаб, унинг 15 миллион сўм пулини олмоқчи бўлган солиқ бош инспектори ушлангани ҳамда Самарқандда фуқарони 50 минг долларга чув туширган адвокат устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)