Тошкентда божхоначилар сифати кафолатланмаган қарийб 732 миллион сўмлик дори воситалари савдосига чек қўйди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ва Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказган.
Унда кузатувга олинган фуқаро Н.Б. ўз автомашинасига юкланган дори воситаларини Тошкентдаги буюм бозорларидан бирида шартли харидорга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинган.
Натижада тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган қарийб 732 миллион сўмлик жами 7705 дона «Месоприл Кит» номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда 9,2 миллиард сўмлик қалбаки дориларни қадоқлаб сотишга уринган шахслар қўлга олингани, Тошкент ва Бўстонлиқ туманларида дори воситаларини ноқонуний равишда қарийб 470 миллион сўмга сотганлар ушлангани, Тошкент вилоятида қарийб 1 миллиард сўмлик гиёҳванд ва психотроп дори воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилгани ҳамда Тошкент вилоятида дори воситаларини жами 34 минг долларга ноқонуний равишда сотаётган шахслар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)