«Милан» ва Швеция терма жамоаси ҳужумчиси Златан Ибрагимович ФИФА ва УЕФА томонидан белгиланган қоидаларни бузгани учун узоқ муддатга футболдан четлатилиши мумкин.
Қайд этилишича, 39 ёшли футболчи 2018 йилдан бери Bethard букмекерлик идорасининг 10 фоиз улушига эгалик қилади. У тўлиқ ўзига тегишли бўлган Unknown AB фирмаси орқали компания ҳуқуқларига эгалик қилиб келгани айтилмоқда.
ФИФА ва УЕФА қоидаларига бўйича агар маълум футболчи букмекерлик идораларига алоқаси бўлса, ўйинчи ташкилотлар номидаги мусобақаларда иштирок эта олмайди. Ибрагимович «Милан» сафида Европа Лигасида ўйнаганида ва ЖЧ—2022 саралаши доирасидаги учрашувларда Швецияга терма жамоасига қайтганида ушбу қоидани бузган.
Bethard’дагилар Ибрагимовичнинг ҳамон компанияда ўз улушига эгалик қилишини тасдиқлаган.
Регламентни бузгани учун форвард 100 минг еврогача жаримага тортилиши ва 3 йилгача футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, Bethard Швеция терма жамоасининг Грузия ва Косовога қарши Ибрагимович иштирок этган ўйинларига «ставка»ларни таклиф қилган. Шунингдек, Bethard’да мунтазам равишда А Серия ўйинларига ҳам пул тикиш мумкин. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида Швеция футбол федерацияси ҳам бир неча йиллардан буён хабардор.
ФИФА ва УЕФАнинг вазиятга изоҳ беришдан бош тортгани айтилмоқда.
Златан Ибрагимович Италия чемпионатининг 2020/21 йилги мавсумида 17 ўйин ўтказиб, 15 та гол ва 2 та ассистга муаллифлик қилди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)