Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида сотувчиларнинг буюмларини зўрлик билан тортиб олган солиқчилар акс этган видео тарқалганди. Ушбу ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Назаров «Zamon.uz»га ҳолат юзасидан интервью берди.
Назаровнинг таъкидлашича, видеодаги ҳолат Давлат солиқ қўмитасининг ҳозирги сиёсатига умуман тўғри келмайди.
«Давлат солиқ хизмати органлари фуқароларга нисбатан ҳеч қачон куч ишлатишига йўл қўйилмайди. Бугунги кунда солиқ органлари тадбиркорларга кўмакчи бўлиб, уларнинг қонуний фаолият юритишларида амалий ёрдам беришга доим ҳаракат қилади», – дейди Музаффар Назаров.
Шунингдек, Музаффар Назаровнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тезкор равишда хизмат текшируви ўтказилди. Хизмат текшируви натижаларига кўра, воқеа айбдорлари бўлган уч нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ва барча махсус унвонлари бекор қилинган.
Бундан ташқари, Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг бошлиғи, унинг ўринбосари ҳамда Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғига ҳам тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Бундан аввал Давлат солиқ қўмитаси бошлиғи Шерзод Кудбиев Олмалиқда сотувчиларнинг буюмларини тортиб олган солиқ хизматчилари акс этган видео юзасидан мурожаат қилиб, халқдан бу воқеа учун узр сўраганди.
Изоҳ (0)