Bentley ҳамда Швейцариянинг Breitling соат ишлаб чиқарувчи компанияси навбатдаги коллаборацияни тақдим этди: Premier B21 Chronograph Tourbillion 42 Bentley Limited Edition номли эксклюзив хронограф. Мазкур соатлар чекланган 25 нусхада тақдим этилиб, уларнинг ҳар бирини нархи 49 минг еврони ташкил этади. Бу пулга янги Audi А7 Sportback харид қилиш мумкин, деб хабар беради Motor.
Bentley’нинг таъриф беришича, соат 1940 йилларда ишлаб чиқарилган Breitling Premier классик хронографининг замонавий интерпретацияси ҳисобланади. Унинг дизайнини бренд асосчисининг набираси, Bentley маркасидаги автомобилларга бўлган қизиқиши билан танилган Вилли Брайтлинг яратган.
Қалинлиги 22 миллиметр келадиган соат корпуси 18 қиротли пушти олтиндан ишланган; корпуснинг ўнг ён томонидан механизмни бошқарувчи тўртбурчак тугмачалар мавжуд. Камари аллигаторнинг жигарранг терисидан тикилган, ёқутдан ишланган орқа қопқоғининг остида эса 22 қиротли олтиндан ясалган майатникни кўриш мумкин.
Соатнинг ўзига хослиги — циферблат ортида кўриниб турган афсонавий British Racing Green рангидаги Breitling турбийони. Соат стрелкаларини ҳаракатга келтирувчи Breitling Manufacture Calibre B21 механизми 55 соатгача ишлашини ҳамда 100 метр чуқурликдаги сув остида ҳам бардошлилигини таъминлайди.
Premier B21 Chronograph Tourbillion 42 Bentley Limited Edition’ни ҳозирда 49 минг евро эвазига буюртма қилиш мумкин.
Аввалроқ Porsche компанияси янги Lada Granta нархидаги соатларни сотувга чиқаргани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)