Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилингани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу вазирлик ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.
ЎзАнинг маълум қилишича, ушбу агентлик Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида ташкил этилди.
Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилди ва уларнинг штат бирликлари тегишлилигича Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилди.
Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва «Мозийдан садо» журнали мавжуд штат бирликлари ва моддий-техник базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданий мерос агентлигига ўтказилди.2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар эндиликда Туризм ва спорт вазирлигига ажратилади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича Маданий мерос агентлиги буюртмачи ҳисобланади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда Социал туризм ассоциацияси ташкил этилди
Изоҳ (0)