АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп америкаликларни Жоржия штатидаги янги сайлов қонунчилигига қарши чиққан компанияларни бойкот қилишга чақирди. Бу ҳақда Fox News телеканалига таяниб «РБК» хабар берди.
«Бейсболга [Бейсболнинг бош лигаси — Major League Baseball, MLB] ҳамда эркин ва адолатли сайловга халақит берадиган барча компанияларга бойкот эълон қилинг. Coca-Cola, Delta Airlines ва бошқалар, эшитяпсизми?!» — деб таъкидлади Трамп. Бу компанияларнинг бош офислари Жоржия штатида жойлашган.
MLB янги сайлов қонунчилиги туфайли Атлантадаги Braves бейсбол жамоасининг ўз майдонидаги ўйинини бошқа жойга кўчирди, деб хабар берди The Fox телеканал.
Трампнинг фикрига кўра, MLB «радикал сўл демократлардан қўрққан», чунки қонун туфайли партия лигага ўзининг июль ойидаги ўйинини кўчиришини айтиб, босим ўтказган. Собиқ президентнинг қўшимча қилишича, «бейсбол кўпсонли ишқибозларини йўқотмоқда».
Жоржияда почта орқали овоз бериш учун сайловчиларнинг шахсий гувоҳномасини тақдим этишни талаб этувчи янги сайлов қонуни қабул қилинди.
АҚШ президенти Жо Байден штатнинг янги сайлов қонунчилигини қоралади.
Аввалроқ Жо Байден маъмурияти АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп томонидан киритилган Халқаро жиноий судга (ХЖС) нисбатан санкциялар ва виза чекловларини бекор қилгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, у мамлакатни модернизациялаш режасини эълон қилди. Унга кўра, Америка инфратузилмасини модернизациялаш сўнгги ўн йилликлардаги энг катта лойиҳа бўлади. Байден шу орқали АҚШнинг доимий глобал етакчилигини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)