Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Қўйлиқ даҳасидаги кўприк 20 кунга ёпилади, дея хабар берган эди.
Йўл таъмирлаш ишлари сабабли 2021 йил 1 апрелидан 20 апрелига қадар Фарғона йўли кўчасидаги Қўйлиқ ота мақбарасидан Бектемир шоҳ кўчасига чиқувчи кўприк ҳаракатланиш учун ёпилиши айтилган. Ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланиш тавсия этилган ва ноқулайликлар учун узр сўралган эди. Бироқ шунга қарамасдан, бу ерда узундан узун тиқилинчлар, автомобилларнинг кўприк устига чиқишга интилаётганини кузатиш мумкин.
«Дарё» фотомухбири ушбу ҳудудда бўлиб, таъмирлаш ишлари жараёни билан танишди. Суратларда кўриниб турганидек, айни вақтда кўприк четидаги тўсиқларнинг айримлари олинган, қатнов қисмининг бир томони, айнан тўсиқлар олинган жойлари ҳаракат учун тўлиқ чекланган. Бироқ унинг ёнидан икки томондан ҳам айрим автомобиллар ҳаракатланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкентдаги Аҳмад Дониш кўчаси «кармашка» йўлларининг бир қисми 1 ой муддатга ёпилгани ҳамда Тошкентнинг 10 та марказий кўчасида пулли автомобиль тўхташ жойлари тармоғи пайдо бўлиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)