Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида мактаб филиали биносини реконструкция қилиш учун ажратилган маблағлар талон-торож қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Департаментнинг Чимбой туман бўлими ҳамда ДХХ томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Чимбой тумани Халқ таълими бўлими ва «Б-Н.» МЧЖ мансабдор шахслари тумандаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиали биносини реконструкция қилишда амалда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали 105,1 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Чимбой тумани Халқ таълими бўлими ва жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида мактаб таъмирига ажратилган 242 миллион сўм, Фарғонада болалар ва ўсмирлар спорт мактабини таъмирлашда 150 миллион сўм, Бухорода қурилиш фирмаси мактабга арзон электр чироқларни ўрнатиш орқали 84 миллион сўм, Самарқанд вилоятидаги қурилиш-таъмирлаш ишларида 7 миллиард сўм талон-торож қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)