Испания полицияси 2 тоннагача наркотикларни таший оладиган қўлбола сувости кемасини ушлади, деб ёзади «Интерфакс».
9 метрли субмарина Малага шаҳрида аниқланган. Ҳуқуқ-тартибот органлари талқинига кўра, юпқа тахта ва шиша толадан ясалган қўлбола сувости кемаси наркотикларни ташиш учун мўлжалланган, аммо ҳозирча бу мақсадда қўлланилмаган.
У яна беш мамлакат ва Европол вакиллари иштирокидаги катта кўламли операция натижасида топилган.
Полиция маълумотларига кўра, бутун Испания бўйлаб рейдлар чоғида 52 киши қўлга олинган. Кокаин ва гашишдан иборат юк аниқланган, шунингдек, нарколаборатория фош этилган.
BBC эслатишича, 2019 йилда Испания шимоли-ғарбида бортида 2 тонна кокаин бўлган сувости кемаси тутилган. Юк Колумбиядан келгани тахмин қилинган, полиция кема кокаин билан шунча масофани босиб ўтганини текширишга киришган.
Аввалроқ Европа мафиясининг энг кўп қидирилаётган бошлиқларидан бири Испанияда ҳибсга олинган эди. 35 ёшли Жузеппе Ромео Европага кокаин етказиб беришда муҳим роль ўйнаган. Наркотик савдоси билан шуғуллангани учун мафия сардори 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Италия ташқи ишлар вазири Лучано Ламоржезенинг таъкидлашича, жиноятчининг қўлга олиниши Европага энг йирик кокаин етказиб берувчиси ҳисобланувчи Ндрангета мафиясига жиддий зарба бўлди.
Мавзуга доир:
- Гондурас президенти наркобаронлар билан алоқадорликда айбланди
- Европа мафиясининг энг кўп қидирилаётган бошлиқларидан бири Испанияда ҳибсга олинди
- АҚШ қирғизистонлик наркобарон Колбаев ҳақидаги маълумот учун мукофотни 5 млн долларгача оширди
- АҚШда мексикалик наркобарон Эль Чапонинг рафиқаси ҳибсга олинди
Изоҳ (0)