Ўзбекистон ва Ҳиндистон авиация маъмурияти ўртасида бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри мунтазам авиқатновларни International Air Travel Bubble битими асосида амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, 2021 йилнинг март ойидан бошлаб Uzbekistan Airways томонидан Тошкент–Деҳли–Тошкент йўналишида тўғридан тўғри авиақатновларни амалга ошириш бошланади.

Парвозлар 5 март санасидан ҳафтасига икки маротаба: сешанба ва жума кунлари бажарилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан аввал Тошкент–Франкфурт–Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновлар қайта тиклангани, Мисрнинг Fly Egypt авиакомпанияси Ўзбекистонга доимий рейсларни амалга ошириш учун рухсатнома олгани ҳамда Эроннинг Iran Aseman Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни йўлга қўймоқчи экани ҳақида хабар берилганди.