Ижтимоий тармоқларда MasterCard карталари эгалари — ҳам Ўзбекистон фуқароларидан, ҳам сайёҳлардан — 3 февраль куни уларнинг иштирокисиз 2018—2019 йилларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги «Асакабанк» терминаллари ва банкоматларида нақдлаштирилган пул маблағлари қайта ечиб олингани тўғрисида хабарлар тарқалди. Банкнинг 7 февралдаги хабарига кўра, 3 февраль куни профилактика ишларини олиб бориш пайтида унинг процессинг марказида техник носозлик юз берган.
Носозлик натижасида аввалги транзакцияларнинг бир қисми такрорланиб, MasterCard клиринг марказига юборилган.
« ‘Асакабанк’ АК ва MasterCard томонидан ушбу носозликни бартараф этиш учун барча зарур ишлар олиб борилмоқда. Икки нусхадаги файлларни бекор қилиш бўйича ишлар 8 февраль оқшомидан бошлаб амалга оширилади ва муаммо қисқа вақт ичида тўлиқ бартараф этилади», — дейилади банк хабарида.
«Gazeta.uz»нинг ёзишича, банк 3 февраль куни 33 фоиз операциялар бекор қилинганлигини, 15 февраль ҳолатига кўра эса 63 фоиз транзакциялар бекор қилинганлигини маълум қилган. «Илгари нақдлаштирилган пулларни ҳисобдан қайта ечиб олиш техник носозлик туфайли юз берди, бу фирибгарлик ёки хакерлик ҳужумлари натижаси эмас», — дея таъкидлайди банк.
Банк матбуот хизмати маблағлар босқичма-босқич қайтарилишига аниқлик киритган.
Изоҳ (0)