Ўзбекистонлик 23 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Жасур Яхшибоев Польшанинг «Легия» клубига ўтди.
Варшава жамоаси Яхшибоев билан 2023 йилнинг 30 июнига қадар шартнома тузди. Шартномада уни узайтириш мумкинлиги ҳақида банд ҳам бор. Жасур янги жамоаси сафида 7-рақамда тўп суради.
Яхшибоев 2020 йилги мавсумни Беларуснинг «Энергетик-БГУ» жамоасида бошлади. Минскликлар сафидаги бир даврада 14 ўйин ўтказиб, 9 гол ва учта голли узатма амалга оширган Жасур ёзда «Шахтёр» сафига бориб қўшилди. Мавсум якунида Яхшибоев солигорскликлар сафида Беларусь чемпионига айланди.
Қайд этиш жоиз, «Легия» жамоаси Польша чемпионатининг 2020/21 йилги мавсумида 16 та ўйинда 32 очко тўплаб, турнир жадвалида 2-ўринни банд қилган. Жамоа пешқадамдан 2 очкога ортда қолмоқда.
«Легия»нинг сўнгги ўйини шу йилнинг 6 февралида «Ракув»га қарши бўлиб ўтди. Унда Яхшибоевнинг янги клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Олдинда яна 14 та тур бор.
Маълумот учун, «Легия» клуби 1916 йил март ойида ташкил этилган. Ўз уйидаги ўйинларни «Войска Полского» стадионида ўтказади. Мазкур стадион 31 800 томошабинга мўлжалланган. Варшава клуби 14 марта мамлакат чемпионлигини, 19 марта мамлакат кубогини қўлга киритган. Бундан ташқари 4 бор Польша Суперкубогига эга чиққан.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)