УЕФА «Аякс» дарвозабони Андре Онанани антидопинг қоидаларини бузгани учун 12 ойга дисквалификация қилди.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 30 октябрида мусобақадан ташқари текширув ўтказилганда 24 ёшли футболчининг пешобидан фуросемид (буйрак етишмовчилигида қўлланилади) дори воситаси аниқланган. Дисквалификация 2021 йилнинг 5 февралидан барча мусобақалар доирасида кучга кирган.
«Аякс» клуби камерунлик дарвозабоннинг 30 октябрда ўзини ёмон ҳис қилгани ва рафиқасига буюрилган дори-дармонларни қабул қилганини маълум қилган.
Комиссия қарорига кўра Онананинг ҳаракатларида ғаразли ният бўлмаган, аммо спортчи барибир ўз танасига тақиқланган моддаларнинг тушмаслигини назорат қилиши керак бўлган.
Онана ва «Аякс» ушбу масала юзасидан Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилмоқчи.
Андреа Онана Нидерландия чемпионатининг 2020/21 йилги мавсумида 20 та ўйин ўтказиб, 9 та баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)