Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари «Ватанпарвар» ташкилоти бугун ўзининг вазифасини бажармаётганини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга кўмаклашадиган, уларга касб-ҳунар ўргатадиган ‘Ватанпарвар’ ташкилоти бугун ўзининг вазифасини бажармаяпти, десак айни ҳақиқат бўлади.
Шу сабабли икки ҳафта муддатда ‘Ватанпарвар’ ташкилотини 210 та ҳудудий тузилмалари билан бирга Мудофаа вазирлиги тизимига ўтказиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши зарур», – деди Президент.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев йиғилиш давомида Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг қарийб 55 фоизини ташкил этишини маълум қилди. Президентнинг таъкидлашича 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда (бу умумий ишсизлик даражасидан 1,5 бараварга кўп). Ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да юқори.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев бош вазир ва администрация раҳбаридан рухсат сўрамай мажлис ўтказган амалдор ишдан олинишини таъкидлагани ҳамда 3 нафар ёшни иш билан таъминлашга ваъда бериб, уни бажармаган Когон шаҳар прокурорини ишдан олиш бўйича топшириқ бергани ҳамда туман сектор раҳбарлари ҳафтанинг икки кунини фақат ёшлар муаммоларини ҳал этишга ажратишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)