1961 йилнинг 17 январь санасида Патрис Лумумба ва унинг бир неча сафдошлари узоқ вақт давом этган қийноқлар ва мазахлардан сўнг отиб ташланади. Сана муносабати билан «Дарё» Малкольм Х ’нинг ҳақиқий кумири, Африка халқлари озодлиги курашчиси, европалик колонистларнинг маймуни бўлишни истамаган Патрис Лумумба тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Инқилобчи почталён
Патрис Эмери Лумумба 1925 йилнинг 2 июль санасида «тарк этган минтақа» Бельгия Конгосида дунёга келади. «Худо унутган минтақа» деб номланиши бежизга эмасди, сабаби XIX ва ХХ асрларда айнан шу минтақада Бельгия ҳукмдорлари Конгони ўзларининг манзил мустамлакасига айлантирган ва ҳудудда шафқатсиз геноцид жиноятларини содир этганлиги ҳақида тарихий манбалар гувоҳлик беради. Бельгия қироли Леополд II ниҳоятда бахил ва шафқатсиз бўлиб, маҳаллий аҳоли бешафқат тарзда қулдек ишлатилар, ишламаган конголик туб аҳолининг эса қўллари кесиб ташланарди. Тарихий манбаларда ёзилишича, 1885 ва 1908 йиллар оралиғида оқ танли бельгияликлар Конго аҳолисининг 10 миллионга яқинини жисмонан йўқ қилиб юборган. 1908 йилга келиб Конгода бельгиялик ҳукмдорларнинг қилмишлари оммавий ахборот воситаларининг диққат марказига тушади, журналистлар ўз мақолаларида Бельгия қиролларининг Конгодаги ваҳшийликларини очиб ташлаши ортидан, Бельгия ҳукумати жамоатчилик фикри таъсирида Конгодаги мустамлакачилик билан боғлиқ аждарҳо қонунларни юмшатишга мажбур бўлади. Аммо Конго ҳамон Бельгиянинг мустамлака ўлкаси эди.Қашшоқ оилада туғилган Патрис омадли эди, уни католик миссионерлар мактабига ўқишга қабул қилишади. 13 ёшга тўлган Лумумба ўқишини протестантлик мактабида давом эттиради. Протестантлик мактабида фелдшерлик сир асрорларини ўрганади. Кейин эса котиб, сўнг қалай қазиб чиқариш билан шуғулланадиган компанияда хизматчи бўлиб иш бошлайди. Иш фаолияти давомида кечки курсларга қатнаб, фалсафа, тарих ва адабиёт фанларини ўрганади. Курсларни тамомлагач Кисанганидаги маҳаллий почта идорасида почталён бўлиб хизмат қилади.
Патрис Лумумбанинг таржимаи ҳоли ҳақида гап кетганда, унинг дўстлари ва душманлари Африка халқлари озодлиги курашчисининг босиб ўтган йўли ҳақида турли фикрлар ва нуқтаи назарларни илгари суради. Жонажон Конгосидаги мураккаб сиёсий вазият Патрис Лумумбани 1950 йилларга келиб инқилобчилар сафига қўшилишига сабаб бўлади. Патрис Лумумба душманлари назарида эса, у мустамлакачи тизимда карьера қилишга бел боғлаганлиги, пул билан боғлиқ ўғриликда айбланиб, мустамлакачилардан ўч олиш учун ҳам инқилобчи бўлганлиги айтилади. Нима бўлган тақдирда ҳам Патрис Лумумба 1958 йилга келиб таниқли инқилобчи сифатида танилишга улгурган ва ҳаттоки Миллий Конго ҳаракати партиясини ташкил қилишга эришганди.
Ортиқ биз сизнинг маймунингиз эмасмиз!
Бельгияга қарши норозилик кайфиятининг кучайиши расмий Брюсселда Конгодан кетиш вақти келганлигига ишора қиларди. Лекин шундай бўлса-да, Бельгия ҳукумати Конгода ўз таъсирини сақлаб қолиш ҳақида режа тузарди. Лумумба эса бельгияликлар Конгодан бир умрга кетишларини талаб қилиши ортидан, Бельгия расмийлари орасида энг ёқимсиз ва исталмаган шахсга айланганди. Лумумбанинг сўл қарашлари бельгияликлар билан биргаликда Конгодаги воқеаларни диққат билан кузатаётган АҚШни ҳам хавотирга соларди, чунки Лумумба Совет Иттифоқи билан яқинлашиш ва ҳамкорлик ўрнатиш сари интилаётганди.1960 йилнинг май ойида Конгода илк марта парламент сайловлари ўтказилади. Сайлов натижаларига кўра Патрис Лумумбанинг Миллий ҳаракат партияси ғалаба қозонади ва Патрис Лумумба Конго Республикасининг бош вазирига айланади. Бельгия Конгонинг мустақиллигини расман эътироф этган ҳолда, мамлакатдаги оқ танлилар ва Бельгия тарафдорлари бўлган маҳаллий аҳоли ёрдамида мамлакатни ўз таъсир доирасида ушлаб туришга интиларди. 1960 йилнинг 30 июнь санасида Бельгия қироли Бодуэн I Конгога расмий ташриф буюради. Ташриф чоғида Конгонинг биринчи президенти Жозеф Касавубу тантанали маросимда Конгони миллий жиҳатдан модернизациялаш, кўп ирқли жамият ва собиқ метрополия билан алоқаларни давом эттириш ҳақида нутқ сўзлайди. Бош вазир Патрис Лумумба эса собиқ мустамлакачиларга ҳеч ҳам мулозамат қилмасдан қирол Бодуэн I га қарата «Биз ортиқ сизнинг маймунларингиз эмасмиз» дея хитоб қилади. Бодуэн I Патрис Лумумбанинг мазкур нутқидан ўзини йўқотиб қўяди.
Ноқулай бош вазир
Лумумба ҳукумати мамлакатнинг иқтисодий захираларига конголикларнинг ўзлари эгалик қилишини, давлат иқтисодиётини режалаштириш, асосий эҳтиёж маҳсулотларига қатъий нарх белгиланишини, ишчиларнинг иш ҳақларини оширишларини режалаштираётганди. Қолаверса Лумумба ҳукумати черковни давлатдан ажратади, ташқи сиёсатда қўшилмаслик ҳаракати ғоясига амал қилади ва Африкада ирқчиликни тугатиш ва мустақилликни тўла тўкис амалга оширилиши учун ҳаракат қилади.Лумумба танлаган йўл эса Кнгодаги кўпчиликка маъқул эмасди. Президент Касавубу Лумумбага қарши чиқади. Армия исён кўтаради, «Юнион Минер» белгия компаниясининг иш бошқарувчиси Моиз Чомбе эса табиий захираларга бой Катанга вилоятини Конгодан мустақил давлат дея эълон қилади.
Бельгия ҳукумати эса Конгодаги вазиятни тартибга солиш учун собиқ колониясига қўшин киритади. Бош вазир Патрис Лумумба эса 14 июль санасида БМТ хавфсизлик кенгашига мурожаат қилар экан Конгони Бельгиянинг тажовузидан ҳимоя қилишда кўмак беришини сўрайди. Бироқ мовий каска кучлари мамлакатдаги тартибсизликни келтириб чиқаришда Патрис Лумумбанинг Миллий ҳаракатини айблайди. Айнан шунда Патрис Лумумба Совет Иттифоқидан ёрдам сўрашга қарор қилади, бироқ Лумумба кеч қолганди. Мамлакатдаги вазиятни аллақачон Лумумбанинг сиёсий рақиблари назорат қиларди. Қолаверса АҚШ ҳукумати ҳам Лумумбанинг сўл кайфиятдаги сиёсий чиқишларидан «бизга Африкада яна битта Фидел» керак эмас деб турганди.
Моиз Чомбе президент Касавубуга талаб қўяди. Агарда Патрис Лумумбани истеъфога чиқарсангиз ўз исёнимни тўхтатаман, дейди. Касавубу Лумумбани бош вазирликдан истеъфога чиқариб уй қамоғига олади, аммо Катангадаги исёнга барҳам берилмайди. Лумумба эса уй қамоғида қолаверади. Мамлакатга киритилган мовий каскалар эса тинчликни сақловчи кучлар сифатида эмас, истилочилар сифатида ҳаракат қилади.
Буюртма қотиллик
Лумумбанинг тарафдори Антуан Гизенга исён кўтаради ва Патрис Лумумбани уй қамоғидан озод қилади. Лумумба шимолдаги ўз тарафдорлари олдига кетаётган пайтда сиёсий рақиблари томонидан қўлга олинади. Орадан 40 йил ўтиб, Лумумбанинг ўз душманлари қўлига тушиб қолиши сабаблари очиқланади. Аниқланишича, Лумумбанинг рақиблари собиқ бош вазирни Моиз Чомбе қўлига топширишади. Моиз Чомбе эса Патрис Лумумбани Катангадаги бир кулбага қамаб, қийноқлар қўллашади. Лумумбадан қасд олиш жараёнига бельгиялик ҳарбийлар ва айрим махсус хизматларнинг ходимлари бош қош бўлгани ҳақидаги маълумотлар кейинчалик оммага очиқланади.1961 йилнинг 17 январь санасида Патрис Лумумба ва унинг бир неча сафдошлари узоқ вақт давом этган қийноқлар ва мазахлардан сўнг отиб ташланади. Лумумба жасади эса қотиллари томонидан йўқ қилиб юборилади. Лумумбанинг қотиллигига, ҳаттоки, АҚШнинг МРБси ҳам бош қош бўлгани ҳам айтилади. Бироқ МРБ ҳозирга қадар Лумумбанинг ўлимига дахлдор эканлиги борасидаги фикрларни рад қилиб келади. Лумумбани йўқ қилиш режасини президент Дуайт Эйзенхауэрнинг ўзи тасдиқлагани ҳақида маълумотлар очиқланади. Сабаб эса, АҚШ Лумумбанинг сўл сиёсий қарашлари ва Африка қитъасида яна битта коммунизм ўчоғи очилишини истамаганлиги эканлигидир.
2002 йилда Бельгия ҳукумати Патрис Лумумбанинг ўлимига дахлдор бўлганлигини таън олади, бироқ қотилликнинг барча тафсилотларини ўрганишда ёрдам беришдан бош тортади.
2010 йилда эса катта жанжалга сабаб бўлган Патрис Лумумбанинг истеъфоси ва ўлимига Буюк Британия махфий хизмати МИ-6 нинг алоқаси борлиги ҳақидаги махфий маълумотлар эълон қилинди. Британия ҳукумати эса Лейбористлар партияси аъзоси бўлган Дэвид Лининг Патрис Лумумбанинг қотиллигида МИ -6 хизматининг қўли борлиги ҳақидаги баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб, раддия беришди.
Бош вазирнинг ўлимидан сўнг Конго бир неча ўн йил давом этган фуқаролар уруши мамлакатига айланиб кетади. XXI асрга келиб Конгодаги вазият барқарорлаша бошлади.
Изоҳ (0)