АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп Вашингтонда фавқулодда вазият режимини тасдиқлади ва сайланган президент Жо Байденнинг 20 январдаги инаугурацияси олдидан хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча федерал кучларни йўналтиришни буюрди, деб ёзади Meduza.
Оқ уй сайтида хабар берилишича, фавқулодда вазият режими 11 январдан 24 январгача давом этади. Бу даврда Фавқулодда вазиятларда бошқарув бўйича федерал агентлик фавқулодда вазият оқибатларини юмшатиш учун зарур бўлган қурилма ва ресурсларни ўз ихтиёрича аниқлайди, сафарбар қилади ва тақдим этади. Фавқулодда ҳимоя чоралари федерал молиялаштириш ҳисобига таъминланади.
Вашингтон ҳукумати фавқулодда вазият режимини Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга шиддатли ҳужум уюштирганидан кейин 7 январь куни жорий қилган эди. Шундан кейин Вашингтон мэри Мюриэл Боузер АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигидан шаҳарда инаугурация арафасида хавфсизликни сақлаш учун қўшимча чоралар киритишни сўраган эди.
АҚШ Миллий гвардияси инаугурация чоғида Вашингтонда хавфсизликни сақлаш учун 15 минг нафаргача ҳарбий хизматчини жалб қилишга тайёр, деди Миллий гвардия бюроси раҳбари Дэниел Хокансон.
11 январь куни Вашингтон мэри Мюриэл Боузер, шунингдек, икки қўшни штат — Мэриленд ва Виржиния штатлари губернаторлари Ларри Хоган ва Ральф Нортэм АҚШ аҳолисини 6 январдаги «шафқатсиз қўзғалон» ва давом этаётган коронавирус пандемияси туфайли Жо Байденнинг инаугурацияси учун Вашингтонга келмасликни сўради.
Аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Американинг барча штатлари марказлари ва Вашингтонда 16—20 январь кунлари қуролли норозиликлар режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.
2021 йил 6 январь куни конгрессменлар демократ Жо Байден ғалаба қозонган президент сайловлари натижаларини тасдиқлаши керак эди. Ўша куни Вашингтондаги тўқнашувларда беш киши ҳалок бўлди. Сайлов якунларидан норозилик белгиси сифатида Капитолий биносига келишга Трамп даъват қилган эди, шундан кейин АҚШ конгресси вакиллар палатасига импичмент тўғрисидаги резолюция киритилди. Резолюция битта айбловдан иборат — қўзғалонга гижгижлаш. Унда айтилишича, «президент Трамп АҚШ ва ҳукумат институтлари хавфсизлигини жиддий хатар остига қўйган».
Изоҳ (0)