Шавкат Мирзиёев 13 декабрь, якшанба куни Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида бунёд этилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бу ерда ҳар бири 54 квартирали тўртта 9 қаватли турар жой қурилмоқда. Монолит усулида, энергиятежамкор қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда бунёд этилмоқда. Хонадонлар тайёр ҳолда топширилади. Яқин ойларда бу ерга аҳоли кўчиб келиб, ҳудуд замонавий мавзелардан бирига айланади.
Давлат раҳбари уйнинг шоурумини кириб кўрди. Мебельлар, муҳандислик тармоқларининг сифатига эътибор қаратди. Кўп қаватли уйларга малакали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.
Қайд этилишича, шу ерда Хоразмда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари, хусусан, Урганч шаҳридаги «Binary» халқаро университети учун янги бино барпо этиш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, кўприк қуриш, коммунал хизматларни яхшилаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Шу билан давлат раҳбарининг Хоразм вилоятига 2 кунлик ташрифи якунланди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи 12 декабрь куни бошланган эди. Сафар давомида қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари фаолияти билан танишди. Хусусан, Хонқа туманидаги бешинчи авлод технологиясига эга замонавий иссиқхонани, Урганчдаги технопаркни бориб кўрди, Янгиариқ туманидаги Yan Tex Invest масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди, Хоразмда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларини кўздан кечирди.
13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари ва тармоқлар мутасаддилари иштирокида ташкил этилган йиғилишда вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий масалалар танқидий кўриб чиқилди. Йиғилишда Президент Хоразмнинг марраси баланд бўлиши кераклигини, баландпарвоз гаплар билан иқтисодиётни юритиб бўлмаслигини таъкидлаб, Хоразмдаги ҳокимлар билан гаплашиб, қанча пул сўраса, берганини билдирди.
Изоҳ (0)