Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон президентини Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар якунлангани билан самимий табриклаб, биродар мамлакатнинг дўст халқига тинчлик ва равнақ тилади. Томонлар Жанубий Кавказнинг бутун ҳудудида хавфсизлик ва барқарорлик таъминланишига умид билдирди.
Суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон—Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Пандемия билан боғлиқ мушкул даврда мамлакатлар бир-бирини қўллаб-қувватлагани, бу эса икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги намоёни бўлгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика, туризм ва бошқа соҳаларда етакчи корхоналарнинг кооперациясини кенгайтиришга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлигига алоҳида тўхталди. Томонлар ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадал давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни қўллаб-қувватлашга келишиб олди, шунингдек, бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрда Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон ва Арманистон муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотаётганлигини билдириб, баёнот берганди. Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси Озарбайжон ва Арманистонни ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирганди.
Изоҳ (0)