Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Ўзбекистондаги қайси соҳаларда коррупциявий хавф-хатар юқори эканини маълум қилди, дея хабар бермоқда «Kun.uz».
«Ҳозир биз тадқиқотлар ўтказяпмиз. Яъни ҳар бир соҳадаги коррупция занжирини, қайси соҳаларда энг кўп коррупция хавфи мавжудлигини ўрганяпмиз. Албатта, ижтимоий соҳада коррупциявий хавф-хатарлар энг кўплигини кўряпмиз.
Афсуски, у ёки бу соҳада ишлайдиганларнинг ойликлари кам бўлса, ўша ерда коррупцион хавф-хатарлар кўпроқ учрамоқда. Умуман, соҳалар танлаб олинган. Бу – доим айтиб келинадиган таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва пандемия даврида энг кўп коррупция аломатлари кузатилган давлат харидлари соҳаларидир.
Биз бу муаммоларни ўрганяпмиз. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги қонун ҳужжатларига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик масаласи киритилди, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳозирча фақат маъмурий жавобгарлик масаласи киритилмоқда. Биз энди давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳам қонунчиликка киритиш, умуман, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш устида ишлаяпмиз», – дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори.
Аввалроқ Акмал Бурҳонов давлат амалдорларининг хорижда активлар сотиб олишини тартибга солиш вақти келгани ҳамда коррупционэрлар шахси ҳақидаги маълумотлар эълон қилиб бориладиган платформа ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)