Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат «Давлат функциялари— бизнес учун имконият» лойиҳасини амалга оширишни ва хусусий секторни давлат бошқаруви соҳасига жалб қилишнинг дастлабки йўналишларини белгилайди.
Қарорга кўра, Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлар барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунда:
- ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади;
- имтиҳонлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади;
- имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;
- назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади;
- махсус ҳимояланган сертификатларнинг барча зарур реквизитлари тадбиркор томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.
Изоҳ (0)