Австралиянинг Аделаида шаҳри яқинида ичида ҳайдовчиси бўлган автомобиль кутилмаганда пайдо бўлган ўрага тушиб кетди, деб хабар беради Yahoo News.
29 ноябрь куни кечаси 21 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Toyota Camry автомобили йўлда ҳосил бўлган карст ўрасига тушиб кетган.
Карст ўраси — сувда эрувчан тоғ жинслари (оҳактош, доломит, гипс, қисман туз, бор)нинг ерости (қисман ерусти) сувлари таъсирида эриб кетишидан ҳосил бўладиган чуқурлик.
Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар транспорт воситаси сув ва лойга тўлган чуқурга ярмигача кириб кетганига дуч келган.
Кўча ёпиб қўйилган ва полициячилар «Сувсоз» ходимларини ёрдамга чақирган. Кейинроқ ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Facebook’даги саҳифаси орқали ярмигача чўкиб кетган автомобиль сурати билан бўлишган.
Машина ўрадан чиқариб олинган ва ҳодиса жойидан олиб кетилган. Ҳайдовчига ҳеч қандай шикаст етмаган. Йўлдаги таъмирлаш ишлари якунлангунига қадар атрофдаги 30 дан ортиқ уй сувдан вақтинча узилган. Содир бўлган воқеадан сўнг кўчадаги ҳаракатлар қайта тикланган ёки тикланмагани номаълум.
Изоҳ (0)