Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Италиянинг Оperа компанияси вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Компания Тўрақўрғон туманида эндокринология марказини очишни режалаштирмоқда. Марказнинг лойиҳа қиймати 8,5 миллион евро бўлиб, 18 ойда қуриб битказилиши кўзда тутилган.
Фарғона водийсида ягона тиббий муассаса 4 та операция бўлимидан иборат бўлади. Дастлаб 40 ўринли бўлади, кейинчалик эса бу кўрсаткич 10 баравар оширилади. Бу ерда йил давомида 12 минг киши даволаниши мумкин.
Компания директори Паоло де Анжелисга кўра, эндокринология маркази Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги илк тиббий лойиҳа ҳисобланади. Унинг доирасида италиялик мутахассислар томонидан маҳаллий шифокорларни ўқитилиши ҳам кўзда тутилган.
«Бу лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва амалга оширилиши учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки эндокринология йўналишидаги беморларимиз пойтахтдаги клиникалар, ҳатто чет элларга ҳам бориб даволаниб келмоқда. Қолаверса, бу тиббий туризм борасида ҳам янги қадам бўлади», — деди вилоят ҳокими.
Изоҳ (0)