Ўзбекистонда беш ярим йил ичида боғдорчилик соҳасидаги хусусий секторга USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги)нинг қишлоқ хўжалигида қиймат занжирларини яратиш дастурининг кўмаги билан 23 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилинди. Бу ҳақда 27 октябрь куни дастур якунига бағишланган виртуал тадбирда маълум қилинди.
«Қўшимча қийматга эга бўлган тижорат боғдорчилигини ривожлантириш бўйича лойиҳа орқали ўзбекистонлик тадбиркорлар янги технологиялар ва қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этди ва стратегик сармояларни жалб қилди», — деган АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Даниэль Розенблюм.
Унинг айтишича, лойиҳа шериклари орасида Ўзбекистондан мева-сабзавот экспорти 2015 йилдан буён 250 фоизга ўсди ва лойиҳада иштирок этаётган фермерларнинг даромади икки баробардан кўпроқ ошди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми ва сифатини ошириш ва уни қайта ишлашга, шунингдек, тадбиркорлик ва иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга катта ҳисса қўшганини таъкидлади.
Умуман олганда, дастур мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилари, музлатгичлар эгалари, қайта ишловчи ва экспорт қилувчиларни ўз ичига олган 510 ташкилотга ёрдам берди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар янги бозорларга чиқиш учун хорижий харидорлар билан алоқаларни ўрнатди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда USAID ваколатхонаси очилди
Изоҳ (0)