Ўзбекистон бўйича 700 дан ортиқ қишлоқ врачлик пунктлари қайтадан ташкил этилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияларида давлат дастурининг 9 ойлик ижроси юзасидан бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилди, деб хабар беради «Kun.uz».
Маълум қилинишича, давлат дастури муҳокамасида депутатлар олис ҳудудлардаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масаласида кўплаб эътирозлар бўлаётгани ва бу борадаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан савол берган.
Алишер Шодмоновнинг сўзларига кўра, юқоридаги каби эътирозлар таҳлил этилиб, ҳудудлар кесимидаги ўрганишлар натижасидан келиб чиққан ҳолда республика бўйича 700 дан ортиқ қишлоқ врачлик пункти қайтадан ташкил этиш режалаштирилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу масалада Президент администрацияга таклиф киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, қишлоқ-врачлик пунктлари сонини 2985 тадан 1612 тагача қисқартириш ва 793 та ҚВП негизида кундузги стационари мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этиш белгиланган.
Изоҳ (0)