Чехия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб ҳар куни соат 21:00 дан эрталаб 5:00 гача комендантлик соати жорий қилишга қарор қилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс». Европа ОАВларининг маълум қилишича, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича бошқа чоралар кутилган натижаларни бермаган.
Мамлакатда аввал ҳам вирусни олдини олиш учун махсус хавфсизлик чоралари жорий этилган, лекин ҳукумат уларнинг самара бермаганини тан олган ва 28 октябрдан бошлаб комендантлик соати жорий қилишга қарор қилган. Чехияда жами 163 мингга яқин бемор COVID-19’дан даволанмоқда.
Бундан ташқари, 5,6 мингдан ортиқ киши касалхонага ётқизилган ва уларнинг 800 нафари оғир аҳволда. Чехияда пандемия бошланганидан бери 2365 киши коронавирус оқибатида вафот этди.
Чехияда 5 октябрдан COVID-19 билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви сабабли 30 кунга фавқулодда ҳолат режими жорий қилинганди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги инфекциянинг юқори даражаси бир-икки ҳафта давомида сақланиб қолади ва кейинчалик қатъий чеклов чоралари туфайли камаяди, деб ҳисоблайди. Мутахассисларнинг фикрича, агар чора-тадбирлар натижа бермаса, ой охирига бориб касалланганлар сони чорак миллионга етиши мумкин.
Изоҳ (0)