Ўзбекистон Молия вазирлиги божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларига қўйилган меъёрни беш баравар камайтирмоқчи. Бу ҳақда Президентнинг «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжат билан 2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёри, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 доллардан 200 долларгача туширилиши ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги белгилаб қўйилиши мумкин.
Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар томонидан республикага товарларни олиб киришнинг максимал меъёрлари ошиб кетганда олинадиган ягона божхона тўлови ставкасини пасайтириш бўйича таклифлар киритади.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 23 октябргача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг июлида халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган божхона тўлови ундирилмайдиган товарлар учун бир календарь чорак мобайнида 1000 доллар ҳажмида чеклов ўрнатилганди. Ундан аввал бу кўрсаткич ойига 1000 долларга тенг бўлган.
Изоҳ (0)