Ўзбекистон 6 октябрь соат 00:00 дан бошлаб Қирғизистон ва учинчи давлат фуқароларига мамлакатга кириш учун чекловларни жорий қилди, дея хабар бермоқда Қирғизистон чегара хизмати.
Чегара хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этишлари мумкин ва Қирғизистон ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга киришлари мумкин. Ўзаро юк ташиш чекловларсиз амалга оширилади.
Лекин Давлат божхона қўмитасининг «Gazeta.uz»га аниқлик киритишича, чеклов фақат Қирғизистонга кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, 4 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. 5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган минглаб одамлар намойишга чиқди.
Бишкекдаги намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. Намойишчилар президент қароргоҳи – Оқ уй, парламент ва мэрияни эгаллади, собиқ президент Атамбаевни қамоқдан озод қилди.
Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков баёнот билан чиқиб, мамлакатда ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш содир бўлганини маълум қилди.
Шунингдек, Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.
Изоҳ (0)