«Бавария» 24 сентябрь куни бўлиб ўтган Европа Суперкубоги учрашувида «Севилья»ни мағлубиятга учратди.
Будапештдаги «Пушкаш Арена»да ўтказилган ўйиннинг асосий вақти дуранг билан якун топди (1:1). Қўшимча бўлимларда мюнхенликлар гол урган ҳолда совринни қўлга киритди.
Шу тариқа немис клуби УЕФА Суперкубоги тарихида илк бор испан жамоасини мағлубиятга учратди.
Бунга қадар испан ва немис клублари мазкур мусобақада икки бор тўқнаш келган ва уларда Бундеслига жамоалари «Барселона»га мағлуб бўлганди. 1992 йилда каталонлар «Вердер»ни (1:1, 2:1) таслим этган бўлса, 1997 йилда Дортмунднинг «Боруссия»си (2:0, 1:1) доғда қолдирилган.
«Бавария» 2019/20 йилги мавсумда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди ва ўз тарихида иккинчи марта УЕФА Суперкубогини қўлга киритди. Биринчи марта жамоа 2013 йилда мазкур совринни боши узра кўтарганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)