Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясининг турли ҳудудларидан олиб келиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда, темир йўл ва чартер рейслари амалга оширилмоқда. Ташқи ишлар вазирлигининг тезкор штаби мазкур рейслар ҳақида маълумот берди.
Унга кўра 21 сентябрь куни 2641 нафар фуқарони Ўзбекистонга олиб келиш учун Москва шаҳридан 6 та, Санкт-Петербург шаҳридан 3 та, Ростов-Дон шаҳридан 1 та ва Туркиядан 2 та чартер рейслари амалга оширилган. Шунингдек, 253 нафар ўзбекистонликлар Uzbekistan Airways АЖнинг «Тошкент–Минск–Тошкент» ва «Тошкент–Бишкек–Тошкент» йўналишларидаги ҳамда Asiana Airlines’нинг «Сеул–Тошкент–Сеул» йўналишидаги мунтазам рейслари орқали Ўзбекистонга қайтган.
Бундан ташқари, 21 сентябрда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг поездларида 2538 нафар ўзбекистонлик Новосибирск, Ростов-Дон ва Самара шаҳарларидан етиб келган.«Шуни қайд этамизки, коронавирус пандемияси шароитида фуқароларнинг оммавий тўпланиши вирусни юқтириш хавфини оширади. Айниқса, соғлиғи хавф остидаги тоифалар (қариялар, ҳомиладор аёллар, беморлар, сурункали касалликка чалинганлар) учун бу ҳолат янада хатарлидир.
Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан поезд станцияларида тўпланмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраймиз», – дейилади ТИВ ахборотида.
Аввал 14 сентябрда Ростовдан 837 нафар, Екатеринбургдан 800 га яқин ватандош поездда Ўзбекистонга олиб келингани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)