Ушбу ҳафтада давлат тизимида кўплаб тайинловлар, ҳуқуқий соҳада янгиликлар бўлди. Бироқ энг муҳокамали хабарларга дайжестимизда кўпроқ ўрин бердик.
Бу ҳафта Адлия вазирлигидан кўпгина янгиликлар ўқидик. Келинг, уларни бир-бир келтирамиз. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов АОКА ва Адлия вазирлигини туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклиф ишлаб чиқишга чақирди. Агар бу ҳужжат ишлаб чиқиб кучга киритилса, журналистларга таҳдид қилиб турган бир қурол бартараф бўлганидек қувончли воқеа бўлади.
Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида ОАВ вакиллари учун 2020 йилнинг 11 сентябрь куни матбуот анжумани ташкил этилди. Давлетов коррупционэрларни ўлимга ҳукм этишга қаршилигини билдириб, коррупцияга қарши ўлим жазосини жорий қилишдан кўра, жазонинг муқаррарлиги муҳимроқдир, деди. Вазир, шунингдек, Адлия тизимидаги ходимлар хизмат сафари вақтида кимнингдир «меҳмони» бўлса, ўша куниёқ ишдан ҳайдалишини таъкидлади. Дарвоқе, Адлия вазирлиги Ўзбекистонда биринчи бўлиб «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» бўйича халқаро стандарт сертификатини қўлга киритганини ҳам айтиб ўтиш лозим.
* * *
Наманганлик таэквондочи қиз Гулсанам Алижонова ўзига ҳамшаҳар бўлган икки йигитни қувлаб ургани воқеаси омманинг диққат марказида бўлди. Уч ой олдин содир бўлган бу воқеа нимадир бўлиб жамоатчилик диққатини бу ҳафтада тортди.
23 ёшли қиз жамоат жойида калта шортикда юргани учун йигитлар унга танбеҳ берган. Воқеа сан-манга бориб етгач, қўл-оёқлар ишга тушган. Шундай қилиб, 8 сентябрь куни Алижоновага тергов иши қўзғатилганлиги айтилди. Бироқ ҳодиса жамоатчилик диққатига тушиб, кўпчилик қизни ёқлаб чиқди. Алижонова пандемия даврида волонтёрлик ишлари билан шуғуллангани айтилди. Янги фарзанд кўрган Саида Мирзиёева ҳам фикрини билдирди.
Шундан кейин Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси жиноят иши юзасидан вилоят прокуратурасига жазони енгиллаштириш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди, Ёшлар Иттифоқи эса қизни кафилликка олди. Шу тариқа, таэквондочи қизга қарши қўзғатилган жиноят иши тугатилди.
* * *
Самарқандлик эри хўрлаган аёл – Мустаҳкам воқеасини блогер Ақидахоним аввалги ҳафтада кўтариб чиққанди.
25 яшар, боласи бор келиннинг ота-онаси йўқ. У келинлик уйида эри Шероз тарафидан муттасил қийнаб, таҳқирлаб келинган. Уни уриб қўлини синдиришган, ифлос нарсаларни ейишга мажбурлашган, бунинг оқибатида ҳушидан кетиб қолганида шифокорлар ичини ювиб ҳаётга қайтарган. Мустаҳкам буларни Ақида Хонимга суҳбатда сўзлаб берган. Охирги марта уни эри ургани ҳам видеокамерага тушиб қолиб тарқалиб кетганидан сўнг жамоатчилик унга бор эътиборини қаратди.
Воқеа Саида Мирзиёева эътиборидан ҳам четда қолмади. Куёв оиласи қаттиқ танқид остида қолгач, узр сўраш ва ярашишга ҳаракат қилган, шунингдек, Самарқанд ҳокимлиги вакиллари ҳам яраштиришни истаган. Бироқ хўрланган келиннинг мутлақо ярашгиси йўқ, у янгитдан ҳаёт бошлашни истайди. Унга квартира олиб беришга чақириқлар янграмоқда. Ақидахонимнинг обуначилари ва ижтимоий тармоқларнинг бошқа фойдаланувчилари эса Мустаҳкамга ёрдам кўрсатиш учун пул тўплаш ҳаракатларини бошлади.
* * *
Дайжестимизнинг аёллар мавзусидаги учинчи хабари Шавкат Мирзиёевнинг катта қизи ҳақида. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўғилли бўлди. Бу унинг учинчи фарзандидир. Унинг Миромон ва Саодатхон исмли икки нафар катта фарзанди бор. Чақалоққа бобосининг шарафига Шавкат исми берилди. Набирага бобосининг исмини бериш одати айрим ҳудудларда аввалдан бор.
Дарвоқе, аввалги президент Ислом Каримовнинг набирасининг исми ҳам Ислом эди.
* * *
Коронавирусимизга қайтамиз. Минг афсуски, коронавирус яна шиддат билан тарқалмоқда.
10 сентябрь куни 749 кишида коронавирус аниқланди. Бу энг кўп касаллик аниқланган кунлар орасидаги учинчи натижадир. Коронавирусга чалинганлар сони бўйича Ўзбекистон дунё рўйхатида Қирғизистонни ортда қолдириб, 60-ўринга кўтарилди. Коронавирус кириб бормаган соҳа вакили қолмади. 700 дан ортиқ профилактика инспектори хизмат вақтида коронавирус юқтириб олгани маълум қилинди. Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев пневмониядан вафот этди, унинг ўринбосари аввалроқ кўз юмган эди.
Мактабларни очиш нима бўляпти? Сансалор бўляпти. Таълим вазирлиги бундай масъулиятли вазифани маҳаллий кенгаш депутатларига ҳавола қилди. Лўндароғи, буни ҳокимлик ҳал қилади деганидир. Қонун чиқарувчи орган ва ижро ҳокимияти ўртасида баҳс юзага келди. Буёқда эса ўқитувчилар орасида вирус юқтирганлик ҳолатлари кундан кунга кўпаймоқда. Масъулият зўридан даставвал мактаблар 14 сентябрда очилади дейилган бўлса, кеча бу муҳлат янада узоқроққа сурилди. 14 сентябрдан онлайн дарслар бошланиши керак.
Ўзбекистонда кунига COVИДъга 30-40 мингта тест қилиняпти. Россия вакциналарини сотиб олиш имкониятларини ўрганиб чиқилмоқда.
* * *
Охирги йилларда Жиззахда автомобиль заводи қурилиши ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Гарчи, ҳозиргача бирорта автозавод биноси қуриб битказилмаган бўлса-да, дунёнинг турли автокомпаниялари Жиззахда завод қуриш режасини баён қилишдан чарчагани йўқ. Навбатдаги хабар: Жиззахда KIA автомобилларининг энг янги моделлари ишлаб чиқарилади. Айтишларича, ADM-Jizzakh заводида ноябрь ойидан бошлаб энг янги моделлардан бўлган KIA Seltos ва KIA K5 автомобилларини йиғиш бошланади. Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 25 минг донани ташкил этади. Иккинчисида — 2022 йил якунига қадар пайвандлаш, кузовни бўёқлаш ва йиғув цехлари ишга туширилганидан кейин ушбу кўрсаткич 100 мингтага кўпаяди. Яна бир автохабаримиз Жиззахга оид. Jizzakh Auto (Volkswagen Uzbekistan) компанияси VAG концерни линейкасидаги иккинчи бренд — Skoda’ни Ўзбекистон бозорига чиқармоқда. 2022 йилдан бошлаб тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ташкил қилинади ва инвестициялар ҳажми, автомобиль экспорти масалалари ҳам ҳал қилинади.
Бир оз яқин мозийга қайтиб кўрамиз. Жиззахда Volkswagen заводида 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотишга келишиб олинган эди, бироқ ишлаб чиқариш босқичига ҳали етиб келинмади, фақат олиб келинмоқда. 2017 йилда Жиззахда Peugeot-Citroen заводи муддатидан олдин ишга туширилади, деб айтилган бўлса, бу муддат ҳали ҳам етиб келгани йўқ. Ваҳоланки, бу муддат 2018 йилда ўтиб кетиб бўлган, аммо заводнинг девори ҳам кўтарилмади. «Жанубий Кореянинг Hyundai компанияси 2020 йилнинг февраль ойидан Наманган вилоятида автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди», деб айтилганига бир йилдан ошди, бироқ наманганча «Хёндай»ларни ҳануз кўриш орзусидамиз.
«Дарё»да қолинг. Энг янги хабарлардан, жумладан, Жиззахда ҳар хил автозаводлар қурилиши ҳақидаги хабарлардан энг биринчи воқиф бўлинг. Карантин қоидаларига риоя қилинг.
Изоҳ (0)