Берлиндаги «Шарите» клиникаси шифокорлари россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийни тиббий кома ҳолатидан чиқарди ва секин-аста сунъий нафас олдириш аппаратидан ажратмоқда. Бу ҳақда клиника матбуот хизматига таяниб Meduza хабар берди.
Унда қайд этилишича, Навальний атрофдагиларнинг мурожаатига жавоб қайтаришни бошлади. Шифокорлар унинг аҳволи яхшиланганини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний 20 августдан буён кома ҳолатида эди. Унинг аҳволи Томск—Москва йўналиши бўйича учаётган рейс вақтида оғирлашиб қолган, самолёт фавқулодда Омскка қўнганди. Комадаги дастлабки икки кунни сиёсатчи Россиянинг Омск шаҳридаги клиникада ўтказди, шундан сўнг у Берлинга олиб кетилди. Сиёсатчининг сафдошлари ҳодисанинг бошидан буён унинг заҳарланганини айтиб келмоқда. Уларнинг гумон қилишича, россиялик шифокорлар сиёсатчининг организмида заҳар изини топиш қийин бўлиши учун уни атайлаб клиникада ушлаб турган ва кетишига рухсат бермаган бўлиши мумкин.
«Шарите» клиникаси шифокорлари Навальний етиб келганидан кейин икки кун ўтиб унинг холинестераза ингибиторлари гуруҳидан бўлган модда билан заҳарланганини маълум қилган.
Изоҳ (0)