Урганчда 300 минг сўм пора олган Санитария эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарига жиноят иши қўзғатилди.
Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, Урганч шаҳар СЭОМ раҳбари З.Қ. қассобчилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, тадбиркорлик фаолиятининг солиқ органлари томонидан келгусида текширилмаслигини таъминлаб беришни ваъда қилган. Эвазига фирибгарлик йўли билан 300 минг сўм талаб қилган.
25 август куни Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида талаб қилган суммадаги пулни олаётган пайтида жиноят устида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (хизмат мавқейидан фойдаланиб фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон вилояти СЭОМда 159 миллион сўмлик, Қашқадарё вилояти СЭОМда қарийб 918 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани хабар берилган эди. Бундан ташқари, Навоий вилояти СЭОМ мансабдор шахслари Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги СЭОМни таъмирлаш ишларида 189,2 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган. Наманган вилоят СЭОМ мансабдор шахслари эса 250 миллион сўм маблағни талон-торож қилган, шунингдек, мазкур СЭОМ иқтисодчиси 40 миллион сўм пора билан қўлга тушган.
Изоҳ (0)