БАА Ўзбекистонга умумий қиймати 723 миллион сўмга тенг бўлган коронавирус инфекциясини даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар жўнатди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 24 март куни БААга расмий ташрифи давомида қатор соҳалар билан бирга тиббиёт йўналишида ҳам кўп томонлама ҳамкорлик бўйича келишиб олинган эди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Дубай амирлиги ҳукуматининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти ўртасида имзоланган мамлакат тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлаш доирасида техник ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро келишув меморандумида ҳам қатор масалаларга аниқлик киритилган.
ССВ хабарига кўра, ушбу меморандум доирасида куни кеча Дубай амирлиги ҳукумати вазирликка умумий қиймати 723 миллион сўмга тенг бўлган коронавирус инфекциясини даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар тақдим этилди. Улар орасида ўпкани доимий ижобий босим билан сунъий шамоллатиш режими учун махсус ниқоблар, тиббий муолажаларда қўлланадиган «Эноксапарин натрий» ва «Цефосон эритмалари» мавжуд.
Аввалроқ Германия Ўзбекистонга кислород баллонлари, тиббий ниқоблар ва комбинезонлардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборгани, Ўзбекистон Қирғизистонга 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатгани, Сингапурдан 30 та кислород концентратори беғараз ёрдам сифатида олиб келингани, хабар берилган эди.
Изоҳ (0)