Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенко ўлган тақдирида ҳам мамлакатни ҳеч кимга бермаслигини айтди. У бу ҳақда ўзини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган митингдаги нутқида таъкидлаб ўтган.
«Ўлимимдан кейин ҳам кимдир мамлакатни бошқа бировга бериб юбормоқчи бўлса, мен бунга қарши чиқаман», — деган Лукашенко.
«Литва, Латвия, Польша ва афсуски, бизнинг қондош Украина сайловларни қайтадан ўтказишни талаб қилмоқда. Агар биз уларнинг айтганини қилсак, ҳаво кемаси ишдан чиқади ва унинг барқарор ишлашини таъминлай олмаймиз! Давлат сифатида ўламиз, миллат, халқ жон беради», — дея қўшимча қилган у.
Лукашенконинг сўзларига кўра 80 фоизлик овоз бериш натижаларини қалбакилаштиришнинг имкони йўқ. «Шу ерда ва Тангри олдида туриб қасам ичаман, сайловлар ҳалол ўтказилди», — деган у.
Лукашенко митингдаги нутқини қуйидаги сўзлар билан якунлаган: «Ҳаётим давомида илк бора олдингизда тиз чўкиб турибман! Сиз бунга муносибсиз!». Кейин у ҳамма билан хайрлашиб, ўғли Николай ҳамроҳлигида Ҳукумат уйига кириб кетган.
Tut.by порталининг ёзишича, бюджетдан маош олувчи ҳарбийлар ва бошқа давлат ходимлари митингда қатнашишга мажбур қилинган. Уларни ишдан ҳайдаш, агар ушбу тадбирда иштирок этишмаса, раҳбарият ўзгарса қамоққа тушишлари мумкинлигини айтиб қўрқитишган, бош тортганларнинг рўйхати тузиб чиқилган.
Изоҳ (0)