Америкалик YouTube блогер Боб Эдвардс пистолет ҳамда пичоқ билан ўқ ўтмас Tesla Cybertruck кузовининг мустаҳкамлигини синаб кўришга қарор қилди. Блогер ҳақиқий пикапни топа олмагани сабаб, техник жиҳатдан Cybertruck’да фойдаланиладиган материалга ўхшаш металл парчасидан фойдаланган.
2019 йили ўтказилган Tesla Cybertruck тақдимотида Илон Маск пикап кузови SpaceX ракеталари тайёрланадиган металлдан — совуқ прокатдаги 304 серияли пўлатдан ишланганини маълум қилганди. Боб Эдвардс автомобиль топа олмагани сабаб тажрибада шу турдаги пўлатнинг 30х30 сантиметрли бўлагидан фойдаланган.
Тестлар бир неча босқичда ўтказилган. Дастлаб блогер металл пластинага 9 миллиметрли пистолетдан, шундан сўнг, 7,62 калибрли милтиқдан ўқ отган, кейинроқ эса, пўлатни пичоқ ва калитлар билан тирнашга уринган. Шунингдек, болға билан ҳам пластина мустаҳкамлиги текширилган.
Тестлар давомида металл жуда мустаҳкам эканлиги ва унга шикаст етказиш осон эмаслиги аниқланган.
Аввалроқ Илон Маск пикапнинг ноодатий шаклини ўта мустаҳкам материалдан фойдаланилгани билан изоҳлаганди. Унинг сўзларига кўра, Cybertruck’даги металлга шакл бериш қийинлиги учун у тўғри бурчакли шаклларга эга.
Tesla Cybertruck моделининг илк сериялари 2021 йил охири бориб ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Электропикапнинг минимал нархи 39 990 доллар.
Изоҳ (0)