Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари энди хўжалик бошқарув органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ваколатига эга бўлди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, «Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди.
«Парламент назорати тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишга кўра, Олий Мажлис палаталари ҳукумат аъзоларидан ташқари, эндиликда хўжалик бошқарув органлари устидан ҳам парламент назоратини ўрнатиш ваколатига эга.
Шу билан бирга, қонунда парламент текширувлари Олий Мажлис палаталарининг нафақат қўшма қарорлари, балки, алоҳида қарорлари асосида ҳам ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан парламент ва сенатор сўровлари кимнинг номига юборилган бўлса, ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан жавоб берилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда хўжалик бошқарув органлари қаторига «Ўзбекнефтегаз» АЖ, Uzbekistan Airways АЖ, Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари ҳамда бошқалар киради.
Ўзбекистон парламентида давлат компаниялари раҳбарларининг ҳисоботини тинглаш тартиби жорий қилиниши ҳақида аввалроқ хабар берилганди.
Изоҳ (0)