Коронавирусга чалинган пойтахтлик 67 ёшли бемор вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 67 ёшли М.Т. исмли аёлда 12 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даво муолажаларини олган. 20 июль куни эса нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. ССВ хабарида бемор қайси куни вафот этганига аниқлик киритилмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобига кўра, 67 ёшли аёл коронавируснинг 144-қурбонига айланди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 151 нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳ (0)